БАЛОҒАТ ИЛМИДА “БАРОАТ-И ИСТИҲЛОЛ” САНЪАТИ
ToshDSHIБАЛОҒАТ ИЛМИДА “БАРОАТ-И ИСТИҲЛОЛ” САНЪАТИ
Салима РУСТАМИЙ,
ТошДШИ, филология фанлари номзоди, доцент
Номланиши арабча изофий бирикмадан иборат бўлган бадиий санъат турларидан бири “бароъату-л-истиҳлол” (“براعة الاستهلال”) ажам халқлари томонидан “бароат-и истиҳлол” шаклида қўлланади.
Бу атама ҳақида Атийа бин Муҳаммад Солим (в.э. 1420ҳ.) “аслида истиҳлол – овознинг кўтарилиши, одамлар янги ойни кўрганларида овозларини кўтарганлари учун ҳам у ҳилол деб аталади” [8] дейди. Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг келтиришига кўра, бароат – устун бўлмоқ, истиҳлол – янги ойни кўрмоқ [Қар.: 1,252]. Луғатда: بَرَاعَةٌ – برع ўзагидан ясалган بَرُعَ (يَبْرُعُ) – “моҳир бўлмоқ, уста бўлмоқ, чечан бўлмоқ” феълининг ҳаракат номи, маъноси – “моҳир бўлиш, уста бўлиш, чечан бўлиш” ёки “моҳирлик, усталик, чечанлик”. اسْتِهْلالٌ– арабча اسْتَهَلَّ (يَسْتَهِلُّ) “бошланмоқ” феълининг ҳаракат номи, маъноси – “бошланиш, кириш” [2,66]. Демак, бароъату-л-истиҳлол “бошланишдаги моҳирлик (чечанлик)” маъносига эга.
Калом айтишда бирор мақсад бўлади. Агар сўзловчи сўзининг бошини шу мақсадга мос равишда бошласа, бароат-и истиҳлолни қўллаган ҳисобланади. Араб балоғатида бу санъатнинг бир турида мақсад тўғридан-тўғри айтилмай, нозик ишоралар воситасида ифодаланади [8], дейилади. Бароат-и истиҳлолнинг бу турини ажам олимлари “ҳусн-и матлаъ” ёки “ҳусн-и ибтидо” санъати деб алоҳида ном билан атаганлар [Қар.: 1,250-252].
Араб балоғатчиларидан Жалолиддин Муҳаммад бин Абдураҳмон Қазвиний (в.э. 739/1339) ўзининг “Изоҳ фи улуми-л-балоға” асарида бароат-и истиҳлолнинг бу турига машҳур қасидалардан мисоллар келтиради, булардан бири Имру-л-Қайсдан:
قفا نبك من ذكرى حبيب ومنزل ...
(Тўхтанг, ёру дўст ва… манзилни ёд этиб йиғлайлик.)
Абу Таййибдан:
أتراها لكثرة العشاق… تحسب الدمع خلقة في المآقي
(Кўряпсанми уни, ошиқларнинг кўплигидан кўздаги халқа-халқа ёшларни санайди.)
Ибтидонинг энг яхшиси бароат-и истиҳлолга эга бўлгани деб ҳисобланади. Қазвиний айтади: мутакаллим ўз каломида уч нарсага алоҳида эътибор бериши керакки, оқибатда у сўзлари жозибали, жуда равон ва энг тўғри маъноли калом бўлсин. Бундай каломга эришиш учун эътибор қаратиладиган биринчи нарса унинг ибтидоси, яъни бошланишидир. Чунки каломнинг қулоққа дастлаб эшитиладиган қисми ана шу бошланиш қисмдир. Агар у мақсадга мувофиқ равишда бошланса, тингловчида бутун каломга нисбатан қизиқиш уйғонади. Агар бунинг акси бўлса, тингловчи ундан қочади ва юз ўгиради [Қар.: 4,390].
Шу ўринда Атоуллоҳ Ҳусайний (XV аср) қуйидаги ҳикоятларни келтиради: “Изоҳ”да айтилишича, Абумуқотил-и Зарир Қуёшнинг Мезонга ўтар куни бўлган Меҳргоннинг биринчи кунида ўша замон ҳокими бўлган Доъий-и Алавий ҳузурига кириб келади ва унга ушбу байтни ўқийди:
لا تقل بشرى ولكن بشريان… عزة الداعي ويوم المهرجان
Яъни: Дема бир хушхабар, икки хушхабардур, Доъий жамоли ва Меҳргон куни[нинг келмагин кўрмак].
Доъий байт бошидаги لا تقل بشرى (Дема бир башорат) лафзидан ёмон фол олади ва деди: “Эй кўр, меҳргон кунида шундай бошлайдими?” Баъзиларнинг айтишича, ташқарига чиқариб ташлаб, эллик таёқ уришни буюрди ва деди: “Адаб унга мукофотдан яхшироқдир”. “Ҳадойиқу-с-сеҳр”да келтирилишича, Шиблийу-д-давла Кирмонга соҳиб Мукаррам ибни-л-Уло ҳузурига боради ва унинг мадҳида қасида айтади. Мукаррам ибни-л-Уло матлаъни эшитгач, Шиблийу-д-давлага қасиданинг қолганини ўқишдан тўхташини буюради. Хизматкорига минг динор келтиртириб, уни Шиблийу-д-давлага беради ва дейди: “Агар бу қасиданинг ҳамма абёти матлаидек бўлса, ҳар байтнинг мукофоти минг динордур, менинг хазинамда эса мунча олтин йўқдур”. Мақсад шуки, ибтидо хунуклигининг натижаси Абумуқотилнинг тортганидир ва ибтидо ҳуснининг натижаси Шиблийу-д-давлага текканидир [1,253-254].
Бароат-и истиҳлол қуйидаги тарзда ҳам қўлланади:
Китобнинг бошида унинг мақсадига ишора қилиш, масалан, Қуръон “Фотиҳа” сураси билан бошланади ва бу сурада исломга ва бутун Қуръонга даъват борлиги туфайли унинг бароъат-и истиҳлолга эга экани таъкидланади [8,575].
Китоб мусаннифининг асар бошида ўз номини келтириб ўтиши, масалан: араб тилидаги феълларга бағишланган “Китобу-л-афъол” асари муқаддимасида унинг муаллифи Абулқосим Али бин Жаъфар Саъдий экани айтиб ўтилган:
بسم الله الرحمن الرحيم
وصلى الله على سيدنا محمد وآله وصحبه وسلم قال أبو القاسم علي بن جعفر السعدي عرف بابن القطاع… [6]
Шунингдек, “Мифтоҳу-л-ъулум”нинг муаллифи абу Яъқуб Юсуф бин аби Бакр Муҳаммад бин Али Саккокий (555/1160-626/1229) ўз асарини Қуръон оятидан парча билан бошлайди, басмаладан сўнг ўз номини тўлиқ зикр қилади:
بسم الله الرحمن الرحيم
قال الأستاذ الإمام البارع العلامة سراج الملة والدين أبو يعقوب يوسف بن أبي بكر محمد بن علي السكاكي… [7]
Асар бағишланган фанга, мавзуга ишора қилиш, масалан, Масъуд бин Умар Тафтазоний (в.э. 792/1390) “Шарху талхиси-л-мифтоҳ”нинг ҳамдаласида “маъоний”, “байон”, “бадиъ” сўзларини қўллаш орқали асарнинг шу илмлар хусусида эканига ишора қилади:
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله الذي الهمنا حقايق المعانى ودقايق البيان وخصصنا ببديع الايادى ... [5]
Муқаддимада китоб бағишланган фан ёки мавзуга оид бошқа асар номини келтириб ўтиш, масалан, Жалолиддин Муҳаммад бин Муҳаммад Абдураҳмон Қазвинийнинг (в.э. 739/1339) балоғат илмига бағишланган “Талхису-л-Мифтоҳ” асари қуйидагича бошланади:
بسم الله الرحمن الرحيم
و الحمد لله على ما انعم و علم من البيان ما لم نعلم على سيدنا محمد خير من نطق بالصواب و افضل من اُوتى الحكم و فضل الخطاب و على آله الاطهار و صحابته الاخيار اما بعد فلما كان علم البلاغة و توابعها من آجل العلوم قدرا و ادقها سرا اذبه يعرف دقائق العربية و اسرارها و يكشف عن وجوه الاعجاز في نظم القرآن استارها و كان القسم الثالث من مفتاح العلوم الذي صنفه الفاضل العلامة ابو يعقوب يوسف السكاكي رحمه الله اغظم ما صنف فيه من الكتب المشهورة نفعا لكونه احسنها رتيبا… [4]
Бу муқаддимада бундан аввал “Мифтоҳу-л-улум” асари ёзилгани, унинг учинчи қисми балоғат илмига хос экани ва ўзининг ўша асарга қисқача изоҳ ёзганини таъкидлайди.
Бароат-и истиҳлол бўлим, фасл ва бобларнинг бошланишида ҳам қўлланиши мумкин, масалан, “Сабаъ” сураси қуйидаги тамҳид билан бошланган:
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَلَهُ الْحَمْدُ فِي الْآخِرَةِ وَهُوَ الْحَكِيمُ الْخَبِيرُ
(Ҳамд Аллоҳга (хос)дир. У шундай зотки, осмонлардаги ва ердаги (бор) нарса Уникидир. Охиратда ҳам ҳамд фақат Унга (хос)дир. У ҳикматли ва хабардор зотдир. [3,428])
Бу оятдаги “وَلَهُ الْحَمْدُ فِي الْآخِرَةِ” жумласи сура мақсадини ўзида акс эттиргани учун бароат-и истиҳлол ҳисобланади [9,7-8]
Демак, бу санъат мумтоз адабиётда кенг қўлланган ва асарнинг бадиий етуклигига хизмат қилган.